Ўзбекистон Қуролли Кучлари Академиясига Мудофаа вазирлиги ҳарбий таълим стратегияси ҳамда умуман таълим тизимини тараққий эттиришда етакчилик қилиш топширилган. Бу ҳақда Қуролли кучлар матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Қуролли Кучлар Академиясида таълим муҳитининг ҳозирги ҳолати унинг жамоаси томонидан ижодий фикр юрита оладиган ҳамда бошқарув, муҳандислик-техника, педагогика ва бошқа соҳа йўналишлари лавозимлари иерархиясида мослаша оладиган юқори малакали офицерларни тайёрлаш бўйича вазифаларни ҳал этиш йўллари танланаётгани ва жараёнга янгича ёндашилаётганини кўрсатмоқда.
Юқоридагиларни амалга оширишда етакчи хорижий давлатларнинг офицер кадрларни тайёрлаш, турли кўринишдаги машғулотларнинг якуний натижаларига эришишнинг самарали шакл ва усулларини ўрганиш, шунингдек, конференциялар, илмий-услубий семинарлар ва «давра суҳбатлари»ни ўтказиш бўйича тажрибаларини пухта ўрганиш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўқув аудиторияларининг замонавий мультимедиа ва интерфаол компьютер технологиялари билан тўлиқ жиҳозлангани, таълим олувчиларнинг шахсий компьютер технологиялари билан таъминланганини ҳисобга олган Қуролли Кучлар Академияси жамоаси, биринчи навбатда, таълим олувчи томонидан сифатли билим олишига қаратилган таълимнинг янги шакл ва услубларини ишлаб чиқди.
Офицер кадрларни тайёрлаш жараёнида мамлакатнинг етакчи олий таълим муассасалари, хорижий мамлакатларнинг ҳарбий-таълим ва тадқиқот марказлари экспертлари ва мутахассисларини Қуролли Кучлар Академиясида дарс ўтишга жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу йўналишда бир қатор келишув ва меморандумлар имзоланган бўлиб, биргаликда олиб бориладиган ишларнинг «Йўл хариталари» амалга оширилмоқда.
Қуролли Кучлар Академияси фаолиятида педагоглар таркибининг профессионаллик ҳамда услубий тайёргарлигига алоҳида, биринчи даражали эътибор қаратилган. Офицерларни профессор-ўқитувчилар таркибига мансуб лавозимларга танлов асосида саралаш ва тайинлаш тизими жорий этилган.
Изоҳ (0)