Самарқанд вилояти божхона бошқармаси «Жартепа» чегара божхона пости ходимлари Ўзбекистонга гиёҳвандлик моддасини божхона назоратидан яшириб, қонунга хилоф равишда контрабанда йўли билан олиб кирмоқчи бўлган шахснинг қилмишини фош этди. Бу ҳақда, Самарқанд вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати маълумотига таяниб, «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар берди.
Тожикистон республикаси фуқароси А.А. бошқарувидаги Mercedes-Benz 180 русумли енгил автомашина белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, ҳайдовчи ўриндиғи остидаги тўшама тагида қоғозга ўралган ҳолатда 0,7 грамм марихуана гиёҳвандлик моддаси яширилганлиги аниқланди.
Яқинда мазкур ҳолат юзасидан суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда судланувчи гиёҳвандлик моддаси истеъмол қилмаслигини баён қилган бўлса-да, Самарқанд вилоят суд тиббий экспертиза бюросининг хулосасига кўра А.А.нинг организмида тетрагидроканнабиноидлар (наша, марихуана) топилган.
Суд судланувчи А.А.нинг содир қилган жиноятини қасддан содир этилган оғир жиноят деб ҳисоблаб, унинг муқаддам судланмаганлиги, оилали бўлиб, қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзанди борлигини эътиборга олган ҳолда тегишли қарор чиқарди.
Унга кўра, судланувчи А.А.га нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди ва Ўзбекистон Республикасига келиш ҳуқуқидан 10 йилга чекланди.
Унинг бошқарувидаги Mercedes-Benz 180 русумли автомашина давлат фойдасига мусодара қилинди ва топилган марихуана гиёҳвандлик воситаси тегишли тартибда йўқ қилинди.
Изоҳ (0)