Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги Мирзакалон Исмоилий маҳалласида сайёр суд йиғилиши ўтказилди. Унда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман суди судьяси Фаррух Тўрахўжаев раислигида ўзгалар мулкини фирибгарлик билан талон-торож қилишни мақсад қилган А.Д. ва И.Н. қилмиши маҳалла фуқаролари иштирокида кўриб чиқилди, деб ёзади ЎзА.
А.Д. муқаддам судланиб, бир йил ахлоқ тузатиш ишига жалб қилинган эди. Бироқ, ўз қилмиши ва тайинланган жазодан тўғри хулоса чиқармасдан, яна жиноятга қўл урди.
У жиноий шериги И.Н. билан тил бириктирган ҳолда, фуқаро М.С.га тегишли iPhone 8+ русумли телефон аппаратини 7 миллион сўм эвазига сотиб олишини айтади. Сўнгра олдиндан тайёрланган, фақат устки қисмлари 5 минг сўмлик, орасида эса 200 сўмлик купюралар бўлган пул ўрамлари, жами 370 минг 800 сўмни бериб, жабрланувчининг телефонини қўлга киритиб, ҳодиса жойидан ғойиб бўлади.
Фирибгарлар «OLX.uz» сайтида телефонини сотиш учун эълон берган Д.Г.ни ҳам чув туширмоқчи бўлади. Фирибгарлар телефон нархини 850 АҚШ долларига келишиб олади. ИИБ ходимлари тафтиш ўтказиш вақтида, улар қўлга олинди.
Сайёр судда улар қилган ишидан пушаймонлиги, жабрланувчига етказилган зарар тўлиқ қопланганини билдириб, енгиллик беришни сўради. Жабрланувчи М.С. зарар тўлиқ қоплангани, судланувчиларга даъвоси йўқлигини, Д.Г. унга зарар етмагани, судланувчиларга нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилди.
Суд далиллар ва гувоҳлар фикрини ўрганиб, А.Д.га ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда икки йил, И.Н.га эса худди шу тартибда бир йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.
Изоҳ (0)