Исроил қуролли кучлари томонидан Ғазо секторига уюштирилган ҳужум қурбонлари кўпайди, деб хабар бермоқда «РИА Новости».
АҚШ элчихонасининг Қуддусга кўчирилиши туфайли бошланган тартибсизликлар, кичикроқ кўламда бўлса ҳам, давом этмоқда. Исроил қуролли кучлари фаластинликларнинг норозиликларини бостириш учун тезкор отрядлар ва чегара қўшинларидан фойдаланиб келган бўлса, энди танкларни ва авиацияни ишга солди. Жумладан, мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари Twitter’даги саҳифаси орқали ХАМАСнинг Ғазо секторидаги марраларига авиазарбалар берганини маълум қилди.
Бундан ташқари, Рафаҳ шарқидаги назорат минораси танклар томонидан ўққа тутилди. Объект Ғазода ҳумкрон мавқега эга бўлган ХАМАС гуруҳига тегишли эди.
Олдинроқ бунинг оқибатида икки фаластинлик ҳалок бўлгани билдирилган эди. Эндиликда маълум бўлишича, яна бир киши — 25 ёшли йигит шифохонада ҳаётдан кўз юмган. Шу тариқа. Исроил ҳужумининг қурбонлари сони уч кишига етган.
Изоҳ (0)