2016 йилги АҚШ президентлик сайловларига Россиянинг аралашуви бўйича суриштирув иши ўтказаётган махсус прокурор Роберт Мюллер 2018 йилнинг апрель ойида президент Дональд Трампнинг куёви Жаред Кушнерни етти соат давомида сўроқ қилган. Бу ҳақда CNN телеканалига таяниб, «Газета.ru» хабар берди.
«Бир йил муқаддам Жаред 2016 йилги сайловларга аралашув бўйича ҳар қандай суриштирув ишига энг биринчилардан бўлиб ёрдам беришга рози эканини айтган. Шундан бери у суриштирувга имкон қадар ёрдам бериб келди ҳамда конгресс вакиллари билан соатлаб давом этган сўроқларда иштирок этди, шунингдек, у махсус прокурор Мюллернинг жамоаси билан икки маротаба суҳбатлашди», — деди Кушнернинг адвокати Абба Лоуэлл.
Адвокатнинг таъкидлашича, унинг мижози барча саволларга батафсил жавоб берган. У Мюллер қачон суҳбат ўтказгани ҳамда сўроқ нима ҳақида бўлганига ойдинлик киритмади.
Шунингдек, Кушнерга махфий ҳужжатлардан фойдаланиш ҳуқуқи қайтарилгани маълум қилинган. Аввалроқ, Оқ уй аппарати раҳбари Жон Келли расмий шахсларнинг давлат махфий маълумотларидан фойдаланишига йўл қўйганида айбланган, натижада Кушнернинг ваколатлари чекланган эди.
Изоҳ (0)