Абу-Дабида Рамазон ойи давомида ночорларга ёрдам беришга қаратилган кампания эълон қилинди. Бу ҳақда UAE Inside хабар берди.
Муҳтожларга ёрдам бериш мақсадида хайрия маблағлари тўпланади ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечак сотиб олинади.
Кампания бу йили учинчи бор ташкил қилинмоқда. «Хайрли ишлар дарахти» — Grace Conservations, Natham Social Responsibility вa Emirates Red Crescent (Қизил яримой жамияти) томонидан ташкил қилинган қўшма лойиҳа. Ўтган йиллардаги каби, барг кўринишидаги купонларни сотиб олган ҳолда 10 ёки 20 дирҳамни хайрия қилиш мумкин. Бу йилги дарахт Al Wahda Mall дам олиш ва савдо марказида жойлаштирилган.
Тадбирнинг биринчи босқичи одамларни озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиб муҳтожларга улашишга ундашдан иборат. Иккинчи босқичда кийим-кечак ва мебеллар билан ночор оилаларни таъминлаш режалаштирилган. Grace компанияси раҳбари Султон Муҳаммад Ал-Шехининг айтишича, хайрия қилинган маблағ ва маҳсулотларнинг барчаси Қизил яримой жамияти томонидан муҳтожларга тақсимланади.
Тадбирнинг учинчи қисмида одамлар тўғридан-тўғри ҳайрия маблағлари топширади ёки 10 ва 20 дирҳамлик купонларни сотиб олади. Сотиб олинган купонлар рамзий дарахтга ёпиштирилади. Рамазон ойининг охиригача дарахтнинг тўлдирилиши режалаштирилган. Султон Ал-Шехининг маълумот беришича, ўтган йили 200 минг доллар маблағ йиғилган.
Изоҳ (0)