16 май, чоршанба кунидан бошлаб Қрим кўприги устидан автомобилларнинг ҳаракатланишига рухсат берилди. Бу ҳақда «Қриминформ»га асосланиб, «Корреспондент.net» хабар берди.
«Автомобиллар соат 03:00 дан бошлаб Қрим кўпригига тўплана бошлади. Керчдаги колонна бошидан журналистлар, блогерлар ва жамоат арбобларининг 70 га яқин машинаси ўрин олган бўлса, уларнинг ортидан юзлаб байкерлар ва маҳаллий аҳоли ҳаракатланди», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, байкерлар гуруҳига «Тунгги бўрилар» мотоклуби етакчиси Александр Залдостанов бошчилик қилган.
Кўприк устидан Кубан тарафдан ҳаракат 05:25 да, Қрим тарафдан эса 05:35 да бошланган. Дастлабки бир соат ичида кўприк устидан мингдан ортиқ транспорт воситаси ўтган.
«Қрим кўприги устидан барча турдаги енгил автомобиллар ва йўловчи ташишга мўлжалланган автобуслар ҳаракатланиши мумкин. Бунда ҳайдовчилар тезликни соатига 90 километрдан оширмасликлари керак», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)