Туркия ҳукумати Ғазо секторидаги норозилик намойишлари чоғида Исроил аскарлари томонидан ўлдирилган фаластинликлар хотирасига мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири ўринибосари Бакир Бўздоғ баёнот берди, деб хабар қилади «Корреспондент.net».
Бўздоғнинг таъкидлашича, АҚШ БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюцияларини бузган ҳолда ўзининг Исроилдаги элчихонасини Қуддусга кўчирди. Бунинг оқибатида фаластинликларнинг оммавий намойиши келиб чиқди ва Исроил кучлари томонидан қонга ботирилди.
14 май куни Ғазо секторининг 15 мингга яқин аҳолиси норозилик намойишига чиқди ва Исроил чегарасига қараб йўл олди. Намойиш иштирокчилари ўша ерда исроиллик ҳарбийлар билан тўқнашди. Норозилик акцияси Қуддус шаҳрида АҚШ элчихонаси очилиши, шунингдек Исроил давлатига асос солинганига 70 йил тўлиши муносабати билан ташкил этилди.
Охирги маълумотларга қараганда, тўқнашувларда 59 киши ҳалок бўлган. Улар орасида 8 ойлик қиз ҳам бор.
Изоҳ (0)