Тошкент шаҳар ҳокимлиги кириб келаётган Рамазон ойи муносабати билан пойтахт аҳолиси ва меҳмонларини табриклади. Бундан ташқари, муқаддас ой келиши муносабати билан шаҳарни озода сақлашга, ободонлаштириш ишларида қатнашишга чақирди.
Ушбу ойни барчамиз муносиб кутиб олишимиз ва гўзал тарзда ўтказишимиз лозим бўлади. Бунинг учун энг аввало муносиб тайёргарлик кўришимиз, поклик, тозалик ва энг аввало бир биримиз билан яхши муносабатда бўлмоғимиз зарурдир. Зеро ушбу ойда барча тилакларимиз ушалади.Бугун пойтахтимизда кенг бунёдкорлик ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда, бу билан бир қаторда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам кенг қулоч ёзмоқда. Шу муносабат билан қутлуғ Рамазон ойини муносиб қаршилаш учун энг аввало ўз хонадонларимиз олдини тоза-озода сақлашимиз, табаррук қадамжолар, қабристонларимизни зиёрат қилиб, ўтганларимизни руҳларига дуолар қилишимиз ва қабристонларни пок ва озода бўлишини таъминлашимиз лозим. Ўтганларимизни эслаш, қабристонларимизни доим озода сақлаш каби анъаналаримизни фарзандларимизга ўргатиб борайлик. Ана шундагина қутлуғ Рамазон ойини ҳотиржам ўтказишимизга замин яратган бўламиз.
Яна бир бор қутлуғ Рамазон ойи барчангизга муборак бўлсин!
Изоҳ (0)