Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти қўмита ҳайъати аъзолари билан келишилган ҳолда, ходимларнинг ишга бўлган муносабатини ошириш, меҳнатига яраша рағбатлантириш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, фаолияти давомида йўл қўйган айрим камчиликлари учун берилган турли даражадаги интизомий жазо чораларининг барчасини бекор қилиш тўғрисида қарор қилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» газетаси ёзмоқда.
Унга асосан, Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар давлат солиқ бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияларида хизмат қилаётган 3132 нафар ходимларга нисбатан қўлланилган «ҳайфсан», ўртача ойлик иш ҳақининг 10 фоизидан 50 фоизигача бўлган жарима тарзидаги интизомий жазо чоралари муддатидан олдин бекор қилинди.
Таъкидлаш керакки, ўзига боғлиқ бўлмаган вазифалардаги хатоликлар ёки огоҳлантириш ва танбеҳ бериш билан кифояланиш мумкин бўлган ҳолатларда ҳам ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилиши ходимларнинг ишга, вазифасини бажаришга бўлган муносабатнинг салбий томонга ўзгаришига, жарима натижасида иш ҳақининг кескин камайиши эса ходимлар томонидан тамагирлик ва бошқа коррупцион ҳолатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
Эндиликда ходимлар зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажармаган тақдирда уларга нисабатан интизомий жазо чораси қўллаш эмас, балки эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши ҳамда уларнинг ўрнига ватанини севадиган ва унинг иқтисодий ривожига ўзининг муносиб хиссасини қўшадиган ёш ходимлар билан тўлдирилиши тўғрисида огоҳлантирилди.
Изоҳ (0)