ЎзА мухбири германиялик велосайёҳ Макс Вальтернинг Ўзбекистон ҳақидаги таассуротларини эълон қилди. Қуйида материал айрим қисқартиришлар билан ҳавола этилади.
Германиялик Макс Вальтер билан тасодифий суҳбатимиз Тошкентдаги Абулқосим мадрасасида бўлганди.
Ўшанда мадрасада жойлашган ҳунармандларнинг меҳнат маҳсулларини кўздан кечираётган хорижлик одам «Жуда яхши-а?», деди ўзбек тилида. Негадир у билан суҳбатлашгим келди. Шуни кутиб турган эканми, ёнимда Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетида немис тили бўйича таълим олган ҳамкасбим Дилноза меҳмон билан сўрашиб, бизни таништирди. Хорижлик меҳмоннинг фикрлари эътиборимни тортди.
Болалигимдан жаҳонгашталикни ёқтираман. Бир неча йил бурун кўнглим яна саёҳатни тусаб қолди. Шу боис тез кунда бирон давлатга чиқишни кўнглимга тугиб қўйдим. Европа шаҳарларини 12 ёшимдан бери чиқаверганимдан, кўп кўрганман. Океан ортига ҳам, ҳаттоки музликлар ўлкаси Антарктида яқинига довур бориб келдим. Мени Қора қитъадан пирамидалари билан миллионлаб саёҳларни ўзига жалб қиладиган Мисрдан ҳам кўпроқ қадимги анъаналари, кўҳна бозорлари билан машҳур бўлган оловранг қитъа — Осиё ўзига чорлади.Айтишларича, шарқликларда меҳр-оқибат биз, европаликларга қараганда анча кучли экан. Fliegen & Sparen журналини варақлар эканман, саёҳатга велосипедда чиқсам-чи, деган фикр миямга келди. Ахир бу соғлик учун жуда фойдали-да. Худди ўзимдек саргузашт ишқибози бўлган тенгқурим, қўшним Оттога бу ҳақда айтдим. У ўйлаб ўтирмасдан таклифимни маъқуллади. Иккимиз йўл тадоригини бошладик. Бу орада Оттонинг ўғли ва қизи, ҳафта ўтмасдан бир гуруҳ ёшлар сафимизга қўшилди. Бир ой ўтиб, йўлга тушдик. Дастлаб кемада Форс кўрфази орқали Эронга киргач, шу ердан велосаёҳатни бошладик. Эронни обдон айлангунимизча, бир ҳафта ўтди. Кейинги манзил Туркманистон бўлди. Поёни йўқ саҳролардан ўтиб, Ўзбекистон томон ошиқдик. Уммондан жуда олисда жойлашган юртга кечга яқин кириб келдик. Қадимий Хивага келганимизда бизни маҳаллий аҳоли вакиллари илиқ кутиб олди. Мен сизга айтсам, ўзбеклар уммондан узоқда яшаса-да, қалби уммондек кенг халқ эканини ўшанда билдим. Халқингизнинг олис тарихию бой маданияти, неча минглаб алломаларга бешик бўлган юртингиз тўғрисида қанча кўп гапирмай, адоғига етиш қийин. Буларнинг барчаси ҳайратланарли. Миллий қадриятлар аслида миллатнинг «паспорти» ҳисобланади. Ўзбекларга хос бўлган яна бир жиҳат мени тамомила лол қолдирди. Бунга нафақат пойтахт — Тошкентда, балки мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам гувоҳ бўлдим. Тошкент кўчаларида турли миллат вакилларини учратиб, уларни мен каби сайёҳлар, деб ўйлабман. Кейин билсам, улар шу ерда туғилган ва шу заминда умргузаронлик қилаётган юртингиз фуқаролари экан. Корейс миллатига мансуб Виталий Ким, татар Рашид Фатхулин, белорус Альберт Глебович ва ҳатто немис миллатига мансуб Александр Вернер билан яқиндан танишишга улгурдим. Бу юрт ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдим. Энг асосийси, айни пайтда дунёнинг турли бурчакларида миллатлараро низолар, динлараро тўқнашувлар юз бераётган ҳозирги шароитда мустақил тараққиёт йўлидан оғишмай бораётган Ўзбекистонда турли миллат вакилларининг тинч-тотув, аҳил ва иноқ яшаши учун барча шароит яратилганига гувоҳ бўлдим.
Биласизми, яна бир икки йилдан сўнг хорижга сафар қилмоқчи бўлсам, ўйлаб ўтирмайман борар манзилим – яна Ўзбекистон бўлади.
Изоҳ (0)