Президент қарори билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, конслагерларнинг вояга етмаган асирлари, Ленинград блокадаси пайтида ишлаган фуқароларга ойлик бепул озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечак, шахсий гигиена воситалари берилади. Бу ҳақда Telegram’даги «Davletovuz» канали орқали маълум қилинди.
Унга кўра, бир кишига ҳар ой 3 килограмм ун, 1 килограмм гуруч, 0,5 килограмм гречка, 0,5 килограмм макарон, 1 килограмм лаҳм гўшт, 1 килограмм парранда гўшти, 0,2 килограмм сарёғ, 15 дона тухум, 1 килограмм шакар, 1 литр ёғ, 0,2 килограмм чой, 0,1 туалет совуни, 0,2 килограмм хўжалик совуни, 0,15 килограмм кир ювиш кукуни, 8 дона таглик берилади.
Шунингдек, эркакларга костюм, куртка, бош кийими, қишки оёқ кийим, енгил оёқ кийим, иссиқ ички кийим, бир донадан свитер, сорочка, икки донадан ички кийим, тўрт жуфтдан пайпоқ, аёлларга — иссиқ кўйлак, палто, қишки ва ёзги рўмол, қишки оёқ кийим, енгил оёқ кийим, енгил кўйлак, иссиқ ички кийим, бир донадан свитер, икки донадан ички кийим, тўрт донадан чулки берилади.
«Бу эса 1 октябргача берилади. Ҳаммаси текин, ҳаммаси ўзимизнинг маҳсулотлар», — дейилади хабарда.
Бу иш билан «Нуроний» жамғармаси шуғулланади.
Изоҳ (0)