Қашқадарё вилоятида Президент девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари иштирокида оммавий қабуллар ўтказилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ғузор ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида Ғузор, Нишон, Қамаши ва Деҳқонобод туманларидан Президент Виртуал қабулхонаси ва жойлардаги Халқ қабулхоналарига мурожаат қилган фуқаролар билан ўтказилган юзма-юз мулоқотда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, юқорида қайд этилган туманлар ҳокимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари иштирок этди.
Маълумотларга кўра, Президентнинг вилоятдаги Халқ қабулхоналарига жорий йилнинг ўтган даврида фуқаролар ва хўжалик юритувчи субъектлардан 9 минг 20 ариза, 130 шикоят ва 51 таклиф келиб тушган. Уларнинг 57 фоизи қаноатлантирилган. Қолганлари тегишли тартибда ўрганилмоқда.
Аҳолидан келган мурожаатлар соҳалар бўйича ўрганилганда, уларнинг асосий қисми қуйидаги масалалар бўйича экани аниқланган: уй-жой олиш ва уй-жой қуриш учун ер ажратиш, уй-жойларнинг таъмирга муҳтожлиги, моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия таъминоти ҳамда болалар нафақаси, банк-молия ва солиққа тортиш, жиноят ишлари, фуқаролик ишлари, хўжалик судларида ишларнинг кўрилиши, суд қарорлари ижроси, меҳнат ва бандлик, жумладан, ишга жойлашиш ва ишга тикланиш, ободонлаштириш ва коммунал хўжалиги, йўлларни таъмирлаш, соғлиқни сақлаш, таълим, электр ва табиий газ таъминоти, транспорт ва йўловчи ташиш хизматлари, тадбиркорлик субъектлари ва мулкдорлар фаолияти билан боғлиқ бошқа масалалар.
Оммавий қабуллар вилоятнинг бошқа туманларида ҳам бўлиб ўтди.
Изоҳ (0)