Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманининг собиқ ҳокими, 12 апрель куни бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири этиб тайинланган Шерзод Кудбиев Facebook орқали ҳоким сифатидаги фаолиятининг якунларини келтириб ўтди.
«Билсангиз керак, янги лавозимга ўтишим муносабати билан Мирзо Улуғбек тумани ҳокими мансабини тарк этмоқдаман», — деб ёзди Кудбиев ўз мурожаатида.
Кудбиевнинг таъкидлашича, ҳоким сифатидаги фаолияти давом этган 566 кун ичида кўплаб ишлар қилинди, жумладан:
- фуқаролар билан мулоқот қилиш учун Facebook’да ҳокимият саҳифаси очилди;
- туман аҳолиси билан очиқ мулоқот форматидаги доимий учрашувлар йўлга қўйилди;
- ҳокимият фаолияти очиқлигини таъминлаш учун унинг қошида жамоат кенгаши ташкил этилди;
- «Oboduy.uz» лойиҳасига старт берилди;
- тадбиркорлар ва инвесторлар билан мулоқот ўрнатишга ҳаракат қилинди;
- ўнлаб километр йўллар асфальтланди;
- янгиланган «Экопарк» ва «Гулшан» боғлари очилди;
- ногиронлар ва эҳтиёжманд одамларга ёрдам берилди.
Бу давр ичида туманда 1800 дан ортиқ янги тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтказилди.
Туман бюджетидан 291,3 миллиард сўм ижтимоий соҳага ажратилди, жумладан:
- ижтимоий соҳа ташкилотларига — 195,1 миллиард сўм;
- бошқарув органларига — 15, 4 миллиард сўм;
- ободонлаштиришга — 28,1 миллиард сўм;
- соғлиқни сақлашга — 47, 9 миллиард сўм;
- маданиятга — 1,05 миллиард сўм;
- спортга — 3,6 миллиард сўм;
- таъминотга — 13,8 миллиард сўм;
- бино ва иншоотлар жорий таъмирига — 9,3 миллиард сўм;
- эҳтиёжманд аҳоли гуруҳларининг болаларини бепул эмлашга — 0,2 миллиард сўм.
Ҳисобот даврида фуқароларнинг 40 мингдан ортиқ мурожаатлари кўриб чиқилди (кунига ўртача 70 та).
«Ўз ишимизда биз ҳар доим шаффофлик, ошкоралик ва очиқлик принципларига таяндик».
«Балки қаердадир нимадир қилмагандирмиз, кимнидир эшитмагандирмиз, вақтида жавоб бермагандирмиз. Лекин бу биз хоҳламаганимиздан эмас, шунчаки вақт ёки ресурс етмаганидан».
«Азиз дўстлар, Мирзо Улуғбек тумани яхшироқ, қулайроқ, хавфсизроқ бўлиши учун бирга ишлаганингиз учун ҳар бирингизга самимий миннатдорлик билдираман. Қаерда бўлсам ҳам, ҳар доим Мирзо Улуғбек тумани ҳокими сифатида ишлаган давримни илиқлик билан эслайман. Ҳар бирингизга оилавий бахт, соғлиқ, ҳар соҳада муваффақият тилайман. Сизга хизмат қилиш мен учун улкан шараф бўлди!», — деб сўзини якунлади Кудбиев.
Изоҳ (0)