2017 йил 10 апрелда «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинган эди. Ўтган бир йилда фармон ижроси доирасида қандай ишлар қилинди? Соҳада инсон ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан, тергов тизими, жазони ижро этиш муассасаларида қандай ўзгаришлар амалга оширилмоқда?
Бу саволларга жавоб олиш мақсадида ЎзА мухбири Ўзбекистон ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов билан суҳбатлашди.
«Президентимизнинг ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини тубдан оширишга қаратилган фармони тизимда ислоҳотларнинг тамоман янги босқичини бошлаб берди, — деди П. Бобожонов. – Фармонда тизимни ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходим халқ манфаатларига хизмат қилишни ўз хизмат бурчи, деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантириш вазифаси белгилаб берилди».
«Хўш, халқ манфаатларига хизмат қилиш нимани англатади?
Бу тушунчанинг доираси кенг бўлиб, Президентимиз таъбири билан айтганда, ватанимиз тақдири ва келажаги, халқимизнинг бахту камоли каби олижаноб мақсадлар йўлида барчамиз белни маҳкам боғлаб ишлашимизни, бор ақл-заковат, билим ва тажрибамизни, юртимизга меҳр ва садоқатимизни сафарбар этишимизни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни ҳам ўз ичига олади».
Вазирнинг таъкидлашича, Тергов департаменти ва унинг жойлардаги бўлинмаларида сўроқ қилиш жараёнини стенография қилиш, видеокузатув, шунингдек, тергов ҳаракатларини аудио-видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган замонавий махсус хоналар ташкил этилди.
Бу, энг аввало, суриштирув ва дастлабки терговни амалга оширишда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Инсон шаъни ва қадр-қиммати камситилиши ҳамда қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймаслик, тергов қилиш жараёнида далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашда далиллар мақбуллиги талабларига қатъий риоя қилишга эътибор кучайди. Жиноят процесси иштирокчиларига нисбатан қийноққа солиш, психологик ва жисмоний тазйиқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала турлари каби ноқонуний усулларни қўллашни бартараф этишга қаратилган ишлар ўз самарасини бермоқда.
Шунингдек, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаганлик, ёлғон хабар ва гувоҳлик берганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди.
Ўз навбатида, жиноят-процессуал қонунчилигига ҳам фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга қаратилган далилларга оид қатор янги талаблар киритилди.
Юқоридаги талаблар ички ишлар органлари тизимида фаолият кўрсатаётган барча суриштирувчи, терговчи, эксперт ва бошқа масъул ходимларга тушунтирилди. Бундай ҳолатларга йўл қўйган ҳар қандай ходим тегишли жавобгарликка тортилиши қатъий белгиланди.
Юқоридаги фармон эълон қилингандан буён ўтган вақт мобайнида мавжуд вақтинча сақлаш ҳибсхоналари 1 минг 814, тергов ҳибсхоналари 123, махсус қабулхоналар 25 ҳамда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар учун мўлжалланган реабилитация марказлари 283 замонавий видеокузатув воситаси билан жиҳозланди. Кузатувни амалга ошириш ва маълумотларни қайд этиш учун зарур миқдорда монитор ва серверлар ўрнатилиб, тўлиқ фойдаланишга топширилди.
Ушбу видеокузатув воситаларидан 965 таси шахсларни вақтинча сақлаш камераларига, 327 таси тергов ҳаракатларини ўтказиш ва адвокатлар билан учрашув хоналарига, 364 таси йўлакларга, 161 таси маҳбуслар сайр этадиган ҳудудларга, 307 таси муассасалар атрофига ҳамда 121 таси шахсни кўздан кечириш жойларига ва ошхоналарга ўрнатилган.
Изоҳ (0)