Қўшработ туманидаги «Агросервис МТП» масъулияти чекланган жамиятига имтиёзли кредит асосида «Беларусь-1523», New Holland, U-62, LNS-100 русумидаги ҳайдов ҳамда боғ ораларига ишлов берувчи тракторлар ва 6 дона тиркама берилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Шавкат Мирзиёев 17–18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида видеоселектор йиғилиши ўтказиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш юзасидан тадбиркор ва фермерлар, фаолларнинг фикрлари, муаммо ва таклифларини эшитган эди.
«Ўша йиғилишда давлатимиз раҳбарига туманимиздаги фермер хўжаликларини ривожлантириш, аҳоли томорқа ерларида сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришда фермер ва деҳқон хўжаликларини имтиёзли шартларда қишлоқ хўжалик техникалари билан таъминлаш юзасидан таклиф билдирган эдим, — дейди Қўшработ туманида қишлоқ хўжалик соҳасида фаолият юритган меҳнат фахрийси Бахтиёр Бўтабоев. — Президентимиз бу таклифимни қўллаб-қувватлаб, ёрдам беришларини билдиргандилар. Мана орадан 11–12 кун ўтиб, туманимизга 14 та замонавий техника келтирилди. Бундан туманимиз халқи бениҳоя хурсанд. Минг раҳмат Президентимизга».
Қўшработлик фермерлар бу имкониятдан фойдаланиб, туманда мева-сабзавот етиштиришни кўпайтириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини кенгайтириш бўйича фикрлашиб олди.
Изоҳ (0)