Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги тадқиқот маркази ва Бош прокуратура Олий ўқув курслари вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси жорий йилнинг 22 март куни Токио шаҳрида ташкил этилган «Ўзбекистонда маъмурий тартиб-таомиллар соҳасидаги қонунчиликни тадбиқ этишнинг айрим масалалари: халқаро тажриба ва таҳлил» мавзусидаги ўзбек-япон симпозиумида иштирок этди, деб ёзади ЎзА.
Унда Ўзбекистонда тарихан қисқа вақт ичида суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани ҳамда миллий қонунчилик ва суд амалиётини тизимли равишда такомиллаштириш бўйича чоралар кўрилаётганлиги таъкидланди.
Япониялик мутахассислар Ўзбекистонда ижтимой-сиёсий ҳаётнинг барча жабҳалари, шунингдек, суд тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ўзгаришларга юқори баҳо берди. Айниқса, суд-ҳуқуқ қонунчилигини ривожланиш тенденциясини таъкидлаб, «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонун ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодекснинг қабул қилиниши муносабати билан келажакда ҳамкорлик муносабатларини янада жадал давом эттириш, қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканлигини билдирди.
Симпозиум доирасида Ўзбекистон делегацияси вакиллари Нагоя Университети, Япония адлия вазирлиги ҳузуридаги илмий-тадқиқот маркази, Олий суд ҳамда Олий суд ҳузуридаги илмий-тадқиқот марказларида бўлиб, судьяларни танлаш ва тайинлаш, фаолиятини баҳолаш, судьяларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалаларида тажриба алмашди.
Изоҳ (0)