Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан қидирувда бўлган марғилонлик Ботиржон Ибрагимов ўз ихтиёри билан Ўзбекистонга қайтгани учун унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилмай, ўз оиласи бағрига қайтарилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Фарғона вилоятида махсус қидирувда бўлиб, Ўзбекистонга ўз ихтиёри билан қайтаётганларни кечириш, уларни тўғри йўлга солиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳар ва туманларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Марғилонлик Ботиржон Ибрагимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244-моддаси 3-қисмида кўрсатилган (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) жиноятни содир этиб, тўрт йил хорижда қидирувда юрди. Ўтган давр мобайнида ўз қилмишларидан пушаймон бўлди ҳамда ўз ихтиёри билан юртига қайтишга қарор қилди. «Фарғона» аэропортига тушган Ибрагимов қамоқхонага эмас, ўз оиласи бағрига топширилди. Айни кунларда ички ишлар идоралари томонидан очиқда тергов ишлари олиб борилмоқда.
«Бугунги кунда жойларда қидирувда бўлган шахсларнинг оила-аъзолари билан суҳбатлар, тушунтириш ишлари ташкил этилмоқда, — дейди вилоят ИИБ матбуот хизмати раҳбари Умиджон Солиев. — Ҳақиқатдан ҳам улар ўз ихтиёри билан қайтса, белгиланган эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, ўз уйида, оиласи бағрида бўлади. Ботир Ибрагимов ҳам биринчилардан бўлиб, қайтгани учун унга нисбатан қамоқ жазоси қўлланилмади. Албатта, тергов ҳаракатлари тугагандан сўнг, суд унга ўз ҳукмини чиқаради».
Изоҳ (0)