ЎФА анжуманлар залида заиф эшитувчи футзалчиларни иккинчи бор тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Улар World Deaf Futsal Championship халқаро турнирида 18 ёшгача бўлган футзал термаларини мағлуб этиб, бош совринга эга чиққанди.
Мазкур ғалабадан кейин ЎФА заиф эшитувчи ёш футзалчиларни чақириб, уларнинг ҳар бирига мукофот сифатида 2 миллион сўмдан тақдим этганди. Ваҳоланки, улар норасмий турнирда зафар қучганди. Кейинроқ заиф эшитувчи футзалчиларга эътибор яхши бўлмагани, уларга шароитлар етарли эмаслиги борасида хабарлар кўпайди.
Шундай муаммо бор экан, нега жамоа мураббийи ёки мутасаддиларидан кимдир мен билан учрашмайди? Уларга ҳамма шароитни ўзимиз қилиб берардик. Давлатимиз раҳбари спортчилар учун барча шароитларни муҳайё қилмоқдалар. Демак, биз ҳам ўз навбатида футзалчиларнинг машғулотлари учун имкон яратиб берардик.ЎФА ФИФА талаблари асосида фаолият олиб боради ва унинг расмий турнирларида иштирок этади, тан олади. Бироқ сиз кўриб турган мана бу ёш футзалчилар ватанимиз байроғини кўкка кўтариб қайтишди деб, уларга мукофот пули тайин қилгандик. Ўша вақтда ҳеч ким муаммолар ҳақида гапирмади, энди уни ўзимиз ОАВ орқали ўқиб биляпмиз. Бугундан бошлаб бу жамоага шароит бўлади. Машғулот учун зал борми, форма борми ЎФА унисини ҳам кўтаради. Ҳозир эса уларни рухсатингиз билан иккинчи бор мукофотлаймиз ва кейинги ишларида омад тилаймиз.
Умид Аҳмаджонов, ЎФА биринчи вице-президенти
Шундан кейин жамоа вакилларининг ҳар бирига 16 376 000 сўмдан мукофот топширилди.
Шу куни ЎФА залида футзал бўйича Осиё Чемпионатини 3-ўринда якунлаган жамоа вакиллари ҳам жам бўлганди. Умид Аҳмаджонов уларнинг ҳар бирига ҳукумат номидан 24 564 000 сўмдан мукофот пули улашди.
Ўзини ҳақиқатдан ҳам кўрсатган ва борини бериб, якунда чемпион бўла олган спортчиларни ҳукуматимиз муносиб мукофотлаётганини кўряпсиз. Футзалчиларимизнинг ўйинларини томоша қилдик, улар фахрли 3-ўринни эгаллади. Бироқ бу билан тўхтаб қолиш керак эмас, кейинги сафар чемпионлик учун кураш олиб бориш шарт.Нега энди футзалчиларга 24 миллион, заиф эшитувчи укаларимизга 16 миллион, бу ажратиш эмасми, деб ўйламанг. Насиб бўлиб, ёш футзалчиларимиз ҳам катта спортда ўзини кўрсатса ва улар ҳам расмий турнирларда зафар қучса, бундан ҳам каттароқ ютуқларга эга чиқади.
Умид Аҳмаджонов, ЎФА биринчи вице-президенти
Изоҳ (0)