«Бунёдкор» футболчиси Достон Ҳамдамов клуб раҳбариятининг рухсатини олмай туриб, Россиянинг «Анжи» клубига кетиб қолди. Бу ҳақда «Championat.asia» нашри маълумот берди.
«Анжи» айни вақтда Туркияда йиғин ўтказмоқда. Ҳамдамов «Бунёдкор»нинг Амирликларда бўлиб ўтган йиғинидан қайтиб келгач, ҳеч кимга айтмай, Туркияга кетган. Бундан на клуб раҳбари Мурод Алиевнинг ва на бош мураббий Миржалол Қосимовнинг хабари бўлган.
Достон Ҳамдамов бунгача Ўзбекистон U23 терма жамоаси сафида Хитойга бориб, Осиё чемпионлигини қўлга киритганди. Натижада у мамлакат раҳбаридан Malibu, шунингдек, «Пахтакор» раҳбариятидан пул мукофоти олди. Унинг «Бунёдкор» билан амалдаги шартномаси 2018 йил сўнгида якунига етиши керак эди. Аммо кўринишидан ярим ҳимоячи «қалдирғочлар» учун ортиқ ўйнашни истамаган.
«Бунёдкор» амалдаги шартномадан келиб чиқиб, Ҳамдамовни трансферга қўйганди. Унга Тошкентнинг бошқа бир клуби «Пахтакор» харидор бўлган. Футбол агентлари эса унга Россия клуби вариантини таклиф қилган. Ҳамдамовда барчаси жойида бўлса, «Бунёдкор»га пулни «Анжи» тўлаб бериши керак бўлади. Аввалроқ мазкур клубни ўзбекистонлик Вадим Афонин тарк этганди.
Достон Ҳамдамов «Бунёдкор» футбол академиясига 13 ёшида келган. У 9 йил давомида шу клубда камол топди ва миллий терма жамоага қадар бўлган йўлни босиб ўтди. Бунгача Элдор Шомуродов Россиянинг «Ростов» клубига йўл олган бўлиб, унинг орқасидан «Бунёдкор» пул ишлаб олганди. Кейинроқ Отабек Шукуров Амирлик клубига йўл олганди.
Изоҳ (0)