Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ва унинг ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев ишдан олингани ҳақидаги хабарлар рад этилди. Бу ҳақда, қўмита матбуот хизмати раҳбари Бобур Усмоновга асосланиб, «Xabar.uz» хабар бермоқда.
Унинг билдиришича, қўмита раҳбарларининг ишдан олингани ҳақидаги хабарлар асоссиз. Айни пайтда бу борада ҳеч қандай расмий ҳужжат йўқ.
«Бизга ҳам Facebook’да шундай мазмундаги маълумотлар тарқалгани ҳақида хабарлар етиб келган. Бироқ уларнинг барчаси асоссиз. Қўмита раиси ҳам, унинг ўринбосари ҳам ўз фаолиятларини доимгидай давом эттирмоқда» — деди қўмита матбуот хизмати раҳбари.
Бобур Усмоновнинг қўшимча қилишича, агар қўмита раҳбариятида ўзгариш бўлса, бу ҳақда идора сайтида расман ахборот берилади.
Маълумот учун, 58 ёшли Ортиқбек Юсупов 2003 йилдан бери Дин ишлари бўйича қўмитада фаолият юритиб келади.
Изоҳ (0)