Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг старти олдидан Тошкентнинг «Локомотив» клуби ўз либослари сотиладиган дўкон ҳамда стадионга ташриф буюрган мухлислар тамадди қилиши учун кичик ошхонани ишга туширди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
«Темирйўлчилар» 1-турни Навоийда «Қизилқум»га қарши ўтказади. 2-турда ўз майдонида Бекободнинг «Металлург» клубини қабул қилади. Аммо бу мавсумдаги илк уй учрашуви эмас. Бунгача «Локомотив» Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичининг илк турида Амирликларнинг «Ал-Ваҳда» клубини қабул қилиб, 5:0 ҳисобида зафар қучганди. Беллашувни томоша қилиш учун келган мухлислар Loko-Store дўконига ташриф буюрган ва унинг илк харидорларига айланган.
Loko-Store дўкони стадионнинг кириш қисмида жойлашган. Унда клуб атрибуткалари, жамоа либослари ҳамда спорт кийимлари жой олган. Loko-Store ҳар куни соат 9:00 дан 18:00 гача хизмат кўрсатади.
Шунингдек,жамоанинг уй учрашувларига ташриф буюрган ишқибозлар Loko-Food дўконидан егулик ҳамда ичимликлар харид қилиши мумкин бўлади.
Бунгача Профессионал футбол лигаси Суперлиганинг иштирокчи клублари олдига мухлислар учун шундай хизматларни ишга тушириш талабини қўйганди.
Изоҳ (0)