«Ўзбеккино» Миллий агентлиги, «Ўзавтосаноат» акционерлик компанияси ва Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳамкорлигида замонавий «Киноклуб» махсус автомашиналарининг лойиҳалари тайёрланди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг энг чекка ва олис аҳоли ҳудудларида миллий ва жаҳон кино асарларини намойиш этишга мўлжалланган бўлиб, ҳозирда «Киноклуб» машинасининг иккита варианти синов учун тақдим этилмоқда.
Биринчиси —DAMAS VAN автомашинаси ва у қуйидаги кино намойиши қурилмалари ҳамда техникалар билан жиҳозланган:
Кинопроектор (1 дона);
Киноэкран (2,2 м га 2,5 м);
Овоз кучайтиргич ва колонкалар (2 дона);
Ноутбук (1 дона);
Генератор (электр энергияси таъминоти);
Конвертор (1 дона).
Автомашина 3 киши — ҳайдовчи, механик, кассирга мўлжалланган бўлиб, ҳар бир вилоятга биттадан ана шундай автомашинанинг ажратилиши кўзда тутилган.
Иккинчиси — хориж тажрибаси асосида таклиф этилаётган замонавий автомашина. Мазкур автомашина бир йилда 150 минг кишига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиб, уни ишга тушириш жуда осондир. Бор-йўғи 30 дақиқада фильм намойиш этиш учун тайёр бўладиган машинанинг прицепи энига олти метргача кенгаяди ва бир вақтнинг ўзида 70 кишига хизмат кўрсата олади. Ҳозирда мазкур лойиҳалар устида ишлар давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)