Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 21 февраль куни импорт ҳажмини қисқартириш ва маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш ишларини таҳлил қилиш, бу борадаги энг муҳим вазифаларни белгилаб олишга бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари маҳаллийлаштириш дастури ва импортни қисқартириш режаси ижросини чуқур таҳлил қилиб, йўл қўйилган камчиликларни танқидий баҳолади. 2017 йилда 948 та маҳаллийлаштириш лойиҳасидан 176 таси бўйича ишлаб чиқариш бошланмагани, 218 таси бўйича эса ишлаб чиқариш прогнози бажарилмагани кўрсатиб ўтилди.
Импортни қисқартириш режаси 88 фоизга бажарилгани танқидий таҳлил қилинди.
«Тармоқлар учун зарур ускуналар ва тез ишдан чиқувчи бутловчи қисмларни мамлакатимизда ишлаб чиқаришни ташкил қилиш тўғрисида 10-15 йилдан буён гапирамиз. Лекин, ташаббус ва амалий ҳаракат йўқ. Бир қатор соҳа раҳбарлари маҳаллийлаштиришни ўйламаяпти, зарур маҳсулотни осонгина четдан олиб келиб қўяяпти. Бунга ҳозирги рақобат шароитида машаққат билан топилаётган, иқтисодиётнинг асоси бўлган валюта маблағлари сарф бўлиб кетмоқда», — деди давлат раҳбари.
Маҳаллийлаштиришни рағбатлантириш учун берилган солиқ ва божхона имтиёзларининг натижадорлиги ҳам таҳлил қилинди.
Айрим товарлар бўйича божхона тўловлари асоссиз тайинлангани натижасида мамлакатда ишлаб чиқарилган баъзи товарлар нархи импорт қилинганига нисбатан юқори бўлмоқда. Масалан, тўқимачилик саноати учун импорт қилинадиган тайёр ускуналар барча божхона тўловларидан озод этилган. Аммо, шу ускунани ишлаб чиқариш учун бутловчи қисм импорт қилинадиган бўлса, 20 фоизлик қўшилган қиймат солиғи тўланади.
Йиғилишда Президент соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, маҳаллийлаштиришни ривожлантириш бўйича долзарб вазифаларни белгилаб берди.
Иқтисодиёт ва Ташқи савдо вазирликларига пишиқ-пухта ишланган, янги Маҳаллийлаштириш дастурини шаклланитириш бўйича топшириқ берилди. Маҳсулот ишлаб чиқариш учун олиб келинадиган, рақобатбардош нархда маҳаллийлаштириш имкони бўлмаган айрим бутловчи қисмларни импорт қилишда божхона тўловларини бекор қилиш юзасидан аниқ таклифлар киритиш зарурлиги таъкидланди.
Йирик корхоналар ва кичик бизнес учун ускуналар, тез ишдан чиқувчи қисмлар, штампланган маҳсулотлар, кичик гидрогенераторлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш юзасидан кўрсатма берилди.
Ташқи савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Молия вазирлиги, Марказий банк ва хўжалик бирлашмалари раҳбар ва масъул ходимларидан иборат таркибда Импорт ҳажми ва таркибини тизимли равишда таҳлил қилиш асосида янги маҳаллийлаштириш қувватлари ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи тузиш вазифаси қўйилди.
Маҳаллий корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида айрим товарлар бўйича божхона тўловлари ставкаларини оптималлаштириш бўйича топшириқ берилди.
Изоҳ (0)