Яна бир неча кундан сўнг узоқ кутилган воқеа — ADWEEK ҳафталиги старт олади. 26 февраль куни ADWEEK маркетинг ва реклама ҳафталигини Миллий матбуот марказида ОАВ вакиллари учун бўлиб ўтадиган матбуот анжумани очиб беради. Бу ҳақда тадбир матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
27 февраль, сешанба куни Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан ҳамкорликда маҳорат дарслари кетма-кетлигидан иборат кенг миқёсли Инновацион ярмарка бўлиб ўтади. «Сайёҳлик маҳсулоти маркетинги» мавзусини муҳокама этиш истагида бўлганларни ташкилотчилар айнан ўша куни кечқурун GroundZero’га таклиф этади.
ADWEEK’нинг иккита йирик тадбири — Маркетинг ва реклама кўргазмаси ҳамда маркетинг конференцияси 28 февраль ва 1 март кунлари International меҳмонхонасида бўлиб ўтади. Ўзбекистон бозорида реклама ва маркетинг соҳасида фаолият олиб бораётган 20 дан ортиқ компания ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларининг ҳамда кўрсатадиган хизматларининг афзалликларини намойиш этиш ва нетворкингни мустаҳкамлаш мақсадида кўргазма залидаги ўз стендлари олдида ташриф буюрувчиларни кутади. Конференция 38 хорижий ва маҳаллий экспертдан маркетинг ва рекламанинг амалий жиҳатлари муҳокамасига бағишланган долзарб мавзуларни ўз ичига олган.
Ҳафталикнинг энг ёрқин ниҳояси — 2 март, жума куни ўтказиладиган Реклама танлови ғолиблари ва лауреатларини тантанали тақдирлаш маросими билан якунланади.
Ҳафталик тадбирларини AfishaMedia томонидан махсус ишлаб чиқилган AfishaEvents қайд этиш майдончасида кузатиш мумкин бўлади.
Изоҳ (0)