Ўзбекистон футболини янги босқичга олиб чиқиш ишлари давом этади, деб ёзди ЎФА матбуот хизмати. Айни вақтда соҳанинг турли мутахассислари хориж курсларида таҳсил олаётган бўлса, навбат ФИФА ва ОФК мутахассисларининг Тошкентга ташрифига етиб келган.
22 февраль куни ФИФАнинг Минтақавий футболни ривожлантириш бўлими менежери Эссам Ас-Суҳибаний Тошкентга ташриф буюради. Унинг асосий миссияси Forward лойиҳасини Ўзбекистонда тадбиқ қилиш бўлади. Ас-Суҳибаний мазкур лойиҳа асосида ЎФА ходимлари билан иш олиб боради. Шунингдек, мутахассис ассоциация мақомини олган ташкилотнинг молиявий томонини ўрганади ҳамда ЎФА молия бўлими вакилларига тегишли кўрсатмалар, маслаҳатлар беради. Мақсад — мазкур бўлим фаолиятини ФИФА талаблар асосида қайта кўриб чиқилишини таъминлашдир.
2 март куни эса ОФКнинг футбол майдонлари қурилишига жавобгар бўлган мутахассиси Пун Ёук Енг Ўзбекистонда бўлади. У «Чиғатой» спорт базасида қурилиши режалаштирилган сунъий қопламали стадион режаси билан танишади ва ўз тавсияларини беради. Аввалроқ ОФК мазкур стадионнинг қурилишига алоҳида маблағ ажратиб берганди.
ЎФА тепасига келган Умид Аҳмаджонов биринчи галда ФИФА президенти Жанни Инфантино, кейинроқ ОФК президенти Шайх Салмон билан шахсан учрашиб, бир қатор масалаларда келишувга эришганди. Юқоридаги ташрифлар бу йўлдаги навбатдаги қадамлардан бири бўлади.
Изоҳ (0)