Фарғона вилоятида собиқ суд ишчиси 1500 доллар пора олишга уринган чоғида ушланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Икромжон Маҳмудов судлангунга қадар фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг девонхона мудири вазифасида ишлаган. У ўзининг эски таниши, суд ижрочиларининг Қува туман бўлими 2-тоифали иш юритувчи котиби Д. Тошпўлатовнинг илтимосидан ўз манфаати йўлида фойдаланмоқчи бўлди.
Д. Тошпўлатов жияни Э. Пармонованинг укаси С. Тожиев суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун елиб-югураётганини айтди. Гап фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2016 йил 7 декабрдаги АТ «Халқ банки» Қува филиали фойдасига жами 145 миллион 617 минг 500 сўм кредит маблағларини ундириш, ундирувни жавобгарларнинг гаровга қўйилган ва бошқа мол-мулкига қаратиш, уларни реализация қилиш қийматини бериш ҳақидаги қарор устида бораётган эди. И. Маҳмудов ҳал қилув қарорини судья билан гаплашиб бекор қилдиришга ваъда берди. Фақат иш осон кечиши учун судьяга пора таклиф қилиш зарурлигини қўшимча қилди.
Ҳолат юзасидан ариза Миллий хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармасига келиб тушгач, зудлик билан назорат тадбири ўтказилди. И. Маҳмудов фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди рўпарасида жойлашган овқатланиш мажмуасида 1500 доллар олаётган вақтда қўлга олинди. Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман суди унга нисбатан тегишли жазо тайинлади.
Изоҳ (0)