Бугун — 9 февраль куни футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Осиё Чемпионатининг ярим финалида Эронга қарши майдонга тушади. Хитой Тайпейида ўтадиган мазкур беллашув томонларнинг тарихдаги 28-тўқнашуви бўлади, деб маълумот берди «Championat.asia» нашри.
Бунгача ўзбекистонлик футзалчилар форслар билан 27 марта тўқнаш келган бўлиб, шуларнинг 26 тасида имкониятни бой берган ва фақатгина бир марта — 2012 йилги ўртоқлик ўйинида дуранг қайд этилган.
2014 йилги Осиё Чемпионатида ўзаро ўйинлардаги энг йирик натижа қайд этилган бўлиб, Эрон термаси Ўзбекистон дарвозасига жавобсиз 10 та гол уришга муваффақ бўлган. Ортда қолган учрашувларда Эрон жами 146 та гол уришга муваффақ бўлган. Ўзбекистон термасига эса 35 та гол уриш насиб қилган. Бу ўрта ҳисобда 1 та беллашувга 1,5 тага ҳам тўғри келмайди.
Эрон ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги беллашув Тошкент вақти билан 16:00 да старт олади ва Sport-TV каналида жонли кўрсатилади.
Изоҳ (0)