Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси 30 нафар реферини Туркиядаги ўқув-машғулот йиғинига юборишга қарор қилди. Бундан кўзланган асосий мақсад янги ташкил этилаётган Супер Лига старти олдидан ҳакамлар малакаси устида иш олиб бориш.
ЎФФ иш услуби Испания футбол федерациясиники каби бўлади. Умид Аҳмаджонов испанлар билан келишувга эришди
Сўнгги 6—7 йилда ўзига тўқ бўлган футбол клублари қишки йиғинларни Туркия ёки Амирликларда ўтказишни одат қилганди. Энди навбат ҳакамларга етиб келди, деб ёзди ПФЛ матбуот хизмати. Йиғин 10—20 февраль саналарида бўлиб ўтади.Айни пайтда Туркияда бир қатор Европа ва Осиё футбол клублари йиғин ўтказмоқда. Шундан келиб чиқиб, ўзбекистонлик реферилар бир қатор ўртоқлик ўйинларини бошқариш имкониятини ҳам қўлга киритади. Ҳозирданоқ Словакия ва Тожикистон ёшлар терма жамоалари иштирокидаги ўйинни бошқариш борасида ўзбекистонлик ҳакамларга талаб тушган.
Туркия йиғинида халқаро майдонларда фаол бўлган реферилар қатнашишмайди. Жумладан, Равшан Эрматов ўзининг Абдуҳамидулло Расулов, Шерзод Қосимов, Жаҳонгир Саидов каби бригадаси билан Чемпионлар Лигасида иштирок этиши керак. Валентин Коваленконинг гуруҳида ҳам вазият шундай. Илгиз Танташев гуруҳи эса ОФК Кубоги ўйинларига жалб қилинган. Анталиядаги йиғинда эса уларнинг сафига кира олмаётган 13 нафар асосий ва 17 нафар ёрдамчи ҳакамлар жам бўлади.
Ўзбекистонлик реферилар 10 февраль куни тонгда Тошкент—Истанбул—Анталия йўналиши бўйича парвоз қилади. Бу каби амалиёт сўнгги вақтларда урфга кираётган бўлиб, Туркияга яқиндагина Таиланд, Беларусь, Қирғизистон каби мамлакатлар ҳакамлари келганди. 8 февраль куни эса россиялик 60 нафар реферининг Туркияга етиб келиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)