Голландия Қироллик футбол иттифоқи Рональд Куман номзодини мамлакат миллий терма жамоаси бош мураббийлигига тасдиқлади. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти маълумот берди.
Куман Голландия миллий терма жамоасини 4,5 йил давомида бошқаради. Унинг шартномаси 2022 йилнинг 1 июль санасида ниҳоясига етиши кўзда тутилган. Шу тариқа Кумандан Евро—2020 ҳамда ЖЧ—2022 каби йирик мусобақаларда муваффақиятли ишлаш талаб этилади.
Бунгача Голландия терма жамоасини Дик Адвокат бошқариб келган бўлиб, у ўтган йилнинг ноябрь ойида истеъфога чиқарилганди. Рональд Куман эса деярли шу вақтда Англиянинг «Эвертон» клубидан бўшатилган.
Куман мураббийлик фаолиятини айнан Голландия термасида бошлаганди. 1997—1998 йиллар давомида у ёрдамчи мураббий сифатида фаолият олиб борган. Мутахассис карьераси давомида «Витесс», «Аякс», «Бенфика», «ПСВ», «Валенсия», «АЗ», «Фейеноорд», «Саутгемптон», «Эвертон» каби клубларни бошқариб борган.
Изоҳ (0)