Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Истанбулдан учиб келган фуқаро Ф.Юлдашева аёллар сумкасидаги пардоз упаси қутилари ва эгнидаги кийими чўнтакларига 263 грамм оғирликдаги тилла ва заргарлик буюмларини яширин равишда олиб кираётганда қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизматига таяниб, ЎзА хабар берди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур тилла ва заргарлик буюмларининг тахминий қиймати 67 миллион сўмдан ошади.
Айни шу рейс бўйича парвозини якунлаган фуқаро Ғ.Толибов ҳам белгиланган меъёрлардан ортиқча бўлган 72 грамм оғирликдаги тилла ва заргарлик буюмларини қизил йўлак қолиб, яшил йўлакдан олиб ўтаётган пайтда тўхтатиб қолинган.
«Истанбул—Тошкент» рейсининг яна бир йўловчиси фуқаро М.Мавлянова томонидан йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган қиймати салкам 24,5 миллион сўмни ташкил қилувчи 119 грамм тилла тақинчоқларнинг яширинча олиб кирилишига чек қўйилган.
Республика ҳудудига жисмоний шахслар томонидан товарларни аксиз солиғи солинмасдан олиб киришнинг рухсат этилган меъёрларига мувофиқ умумий оғирлиги 30 граммдан ортиқ бўлмаган 5 донагача заргарлик буюмини олиб киришга рухсат этилади.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)