Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан ташкил этилган кўргазмали семинарда тадбиркорлик субъектларига солиқ тизимида рўй берган ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилмоқда.
Кўргазмали семинарда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Б. Султонов ва бошқалар солиқ тизимидаги бу каби ўзгартириш ва имтиёзлар тадбиркорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Биринчи навбатда, фойда ва ободонлаштириш ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиқлари бирлаштирилди. Илгари фойда солиғи ставкаси 7,5 фоиз, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи ставкаси 8 фоизни ташкил этган. Эндиликда ушбу солиқ ставкаси аввалги 15,5 фоиз ўрнига 14 фоиз қилиб белгиланди ҳамда чегириладиган харажатлар таркиби кенгайтирилди. Хусусан, Солиқ кодексининг 147-моддасида келтирилган 28 турдаги солиқ солиш базасидан чегирилмайдиган харажатлардан 10 тасини чегириш имкони берилмоқда.
Солиқ кодексининг 6 моддасига ўзгартириш киритилиб, юридик шахслар учун мол-мулк солиғи объектидан кўчар мулклар чиқарилди. Таъкидлаш жоиз, айни вақтга қадар мол-мулк солиғи объектига кўчмас мулкдан ташқари машина ва ускуналар, транспорт воситалари ва бошқа кўчар тусдаги асосий воситалар кирар эди.
Солиқ кодексининг тегишли 3 моддасига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга асосан, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ кадастр қийматидан келиб чиқиб ҳисобланиши ҳамда солиқнинг асосий ставкаси кадастр қийматига нисбатан 0,2 фоиз (2017 йилда 1,7 фоиз эди) миқдорида ва солиқ ҳисоблашда кадастр қиймати 42 миллион сўмдан (2017 йилда 3 миллион сўм) кам бўлмаслиги белгиланди.
Кадастр қиймати мавжуд бўлмаганда солиқ ҳисоблаш учун Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида 210 миллион сўм ҳамда бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда 90 миллион сўм миқдорида мол-мулкнинг шартли қиймати ўрнатилди.
Шу билан бирга, солиқ юки 2018 йилда кескин ошиб кетмаслиги учун кадастр қийматига асосан ҳисобланган солиқ суммаси 2017 йилгига нисбатан 20 фоиздан кўп бўлмаслиги белгиланди. Бунда Вазирлар Маҳкамасига жисмоний шахслар мол-мулкининг кадастр қийматини аниқлаш тартибини бир ой муддатда тасдиқлаш топширилди.
Семинарда тадбиркорларни қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан жавоб берилди.
Изоҳ (0)