Ўзбекистон Президенти раислигида Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги элчихоналар фаолияти таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев элчилар маънавиятига алоҳида эътибор қаратди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўзингиз айтинг, элчи деган одам ўзбек халқининг бой тарихи, маданияти, миллий қадриятлари, ватандошларининг дарду ташвишларини яқиндан билмаса, уларни юрагидан ўтказмаса, қандай қилиб Ўзбекистонни дунёга танитиши мумкин, деди давлат раҳбари.
«Дейлик, Алишер Навоийдан, Бобурдан, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовдан икки қатор шеър айта олмаса, энг ёмони, она тилини мукаммал билмаса, қандай қилиб ҳақиқий элчи бўлиши мумкин?
Мен шу маънода Жанубий Кореядаги элчимиз Виталий Васильевич Фенга алоҳида раҳмат айтишни ўзимнинг бурчим, деб биламан. Бу одам шунча йилдан буён элчилик лавозимида самарали ишлаётгани, Жанубий Корея билан иқтисодий, инвестициявий алоқаларни жадал ривожлантираётгани албатта эътиборга лойиқ. Лекин унинг халқимизга жуда катта ҳурмат билдириб, ўзбек тилида равон гапириши барча элчиларимизга ўрнак бўлиши керак. Ўзингиз айтинг, Ўзбекистоннинг чет элдаги элчиси бўлса-ю, ўзбек тилини билмаса, бу халқимизга хиёнат эмасми?» — деди Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ (0)