Давлат монополияларни сақлаб қолмайди, аммо иқтисодий тармоқларда бугунги кунга қадар аниқ ривожланиш режалари йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Сухроб Холмуродов маълум қилди, деб хабар беради «Газета.uz».
«2018 йилдаги вазифа — ҳар бир тармоқ нима хоҳлашини аниқ билсин», — таъкидлаб ўтди у.
Темир йўл, авиация ва ахборот технологиялари соҳасидаги хусусийлаштириш ҳақида гапирар экан, Сухроб Холмуродов ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида Ўзбекистон маълум соҳаларни ўзида сақлаб қолиши лозимлигини таъкидлади.
«Биз инвестициялар муҳимлигини жуда яхши тушунамиз, ростанам ҳозир кўплаб лойиҳалар давлат объектларини қисман ёки тўлиқ хусусийлаштиришга қаратилган. Аммо биринчи босқичда, қайта қуриш даврида, фикримча, давлат маълум соҳаларни сақлаб қолиши лозим — бусиз бўлмайди, бу кўп давлатлар тажрибасида бор. Қайсидир босқичда муайян соҳани хусусийлаштириш керак бўлади, лекин фақат биз бунга тайёр бўлган босқичда. Ўйлашимча, биз ҳали бунга тайёр эмасмиз. Биз йўлнинг бошидамиз», — қўшимча қилди бош вазир ўринбосари.
Унинг сўзларига қараганда, кўплаб тармоқлар қаторида энергетика ҳам аниқ ривожланиш режасига эга эмас. Бу масалани ҳал қилиш учун «Ўзбекэнерго» инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва халқаро консалтинг компаниялари билан ҳамкорликда яқин ўн йил ичида энергетика соҳасини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиши керак бўлади.
«Қанақадир рақамлар келиб чиқади. Уларга асосланиб уч йиллик ривожланиш дастури ишлаб чиқилади, унда барчани электр билан таъминлаш учун бизга қанча киловатт кераклиги аниқ кўрсатилади. Қарорлар қабул қилинади: давлат-хусусий ҳамкорлиги учун қанча маблағ керак, давлат қанча ажратади, қайси манбалардан ажратади», — деб аниқлик киритди Холмуродов.