Нукусда Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Н.Н. Блохин номидаги Миллий тиббий онкология тадқиқот маркази вертебрал жарроҳлик бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Эльмар Мусаев иштирокида семинар-тренинг ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
«Умуртқа бўғини ва курак суякларининг хавфли ўсимталари диагностикаси ва эмлаш» мавзусида ташкил этилган семинарда мутахассислар иштирок этди.
Тадбир доирасида россиялик мутахассис онкологик касаллиги бор беморларни тиббий кўрикдан ўтказиб, зарур маслаҳатлар берди. Умуртқа бўғини ва ички ичак йўлларидаги касалликлар бўйича икки нафар беморни операция қилди.
«Умуртқа бўғини, курак, бел умуртқаси бўйича орттирган тажрибамни соҳа мутахассислари билан бўлишишни режалаштирганман, — дейди профессор Э. Мусаев. — Ўзбекистонда биринчи маротаба бел умуртқасида хавфли ўсимта касаллигини жарроҳлик йўли билан даволашга ҳаракат қилдик ва хавфли ўсимтани олиб ташладик. Амалиёт муваффақиятли ўтди. Жарроҳлик амалиётида кўплаб шифокорлар қатнашди. Шу ердаги қабулимизга Хоразм, Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларидан ҳам беморлар келди. Бу Қорақалпоғистон Республикасига илк ташрифим. Энди Хоразм ва Бухоро вилоятларида ишимизни давом эттирамиз».
Тиббиёт фанлари доктори, профессор Эльмар Мусаев бошчилигидаги гуруҳ томонидан Хўжайли тумани тиббиёт бирлашмасида ҳам онколог, жарроҳ ва травматолог шифокорлар иштирокида ўқув-семинар ўтказилди.
Изоҳ (0)