Фахрий унвонларга эга меҳнат фаолиятини давом эттираётган пенсионерлар эндиликда нафақа пулини тўлиқ миқдорда олади. Бу Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 28 декабрдаги «Меҳнат фаолиятини олиб бораётган пенсионерларнинг айрим тоифаларига қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган, деб хабар беради «Газета.uz».
Шунингдек, меҳнат шартномаси асосида фаолият юритувчи ва илм-фан, адабиёт ва санъат соҳаларида ижодий ишлари учун қалам ҳақи (гонорар) кўринишида даромад олувчи пенсионерлар ҳам нафақа пулларини тўлиқ ҳажмда олади.
Фармон билан текширишлар натижасида аниқланган 65 ёш ва ундан катта фуқаролар учун ҳамда 2010 йилгача тайинланган пенсия ва нафақалар бўйича ортиқча тўланган сумма ҳисобдан чиқарилди.
Ҳужжатда пенсионер туман бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг ортиқча тўланган пенсия ва нафақалар суммасини ушлаб қолиш ҳақидаги қароридан норози бўлган тақдирда ортиқча тўланган суммани (аниқланган пайтдан бошлаб уч йилдан ошиқ бўлмаган муддат учун) суд тартибида ундириш тартиби жорий этилди.
Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлимлари қонунчиликда кўзда тутилган асослар бўлган тақдирда иш стажини тасдиқлаш учун судларга даъво аризасини тайёрлашда кўмак кўрсатади.
Изоҳ (0)