«Farg‘onaziyo.uz» сайтида «Ҳозирги пайтда одамлар орасида бўлар-бўлмасга қасам ичиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди. Шу тўғрими?» — деган саволга жавоб берилди.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аллоҳ сизларни оталарингиз номи билан қасам ичишдан қайтаради. Кимки қасам ичмоқчи бўлса, Аллоҳ номи билан қасам ичсин ёки жим бўлсин», деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Кўпчилик ўзаро суҳбат қилиб турганида гапига бошқаларни ишонтириш мақсадида «нон урсин», «тил тортмай ўлай», «кўзим чиқсин» сингари ибораларни келтиради. Аллоҳ таоло номидан бошқа нарсалар билан қасам ичиш гуноҳи кабирадир. Инсон, банда сифатида фақат Аллоҳ номи билан қасам ичиши мумкин. Ҳатто Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам), фаришталар, Каъба, жон, бош каби нарсалар билан қасам ичиш ҳам мутлақо хатодир.
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) бир кишининг «Каъбага қасамки» деганини эшитиб қолиб, Аллоҳдан бошқанинг номи билан қасам ичма. Мен Расулуллоҳнинг «Ким Аллоҳдан бошқанинг номи билан қасам ичса, куфр ёки ширк келтирибди» деганларини эшитганман, — деди.
Демак, Аллоҳга имон келтирган, ўзини мўмин-мусулмон ҳисоблаган кишининг турли нарсалар номи билан қасам ичиши жуда катта гуноҳдир. Қасамхўрликдан йироқ бўлиш ҳақиқий мусулмоннинг фазилатидир.
Изоҳ (0)