Ироқ гўзали Сара Айдан мамлакатдан оиласини олиб чиқиб кетиб, АҚШда қўним топишга мажбур бўлди. У Исроил гўзали Адар Гандельсман билан дугона эканини тан олганидан сўнг радикаллар таҳдидига учради, деб хабар беради TJournal.
Ноябрь ойининг ўрталарида икки қиз «Олам гўзали» танловида иштирок этганди. Улар Instagram’даги сағифаларида бирга тушган селфиларини жойлаган ва бу билан ўз халқларини биродарликка чақирган эди.
Исроил бош вазирининг вакили суратни «минтақада умид хабарномаси» деб таърифлаган эди. Аммо Ироқда суратга муносабат бошқачароқ бўлди: Айдан ва унинг оила аъзолари номига таҳдидлар ёғила бошлади.
Қиз суратга араб тилида изоҳ қўшиб, Исроил ҳукуматини қўллаб-қувватламаётганини, балки шунчаки дўстлик ва тинчликка чақираётганини таъкидлади. Аммо таҳдидлар ва салбий изоҳлар сони камаймади. Айримлар уни Ироқ гўзали унвонидан жудо этишга чақирган бўлса, баъзи бировлар ўлдириш билан таҳдид қилди.
Шунга қарамай, икки қиз ҳам жанжалга сабаб бўлган фотосуратларни саҳифаларидан ўчириб ташламади.
Изоҳ (0)