Марокаш
ЖЧ—2018 йўлланмасини қўлга киритган Марокашга қарши беллашув 27 март куни бўлиб ўтади. Беллашувга Марокашнинг Касабланка шаҳри мезбонлик қилади.
Ташкилот матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон миллий термаси бевосита Жаҳон Чемпионатига йўл олган ва унга тайёргарлик кўраётган жамоага қарши ўйинда ҳозиргача майдонга тушмаганди. Марокашга қарши ўйин бу борада биринчиси бўлади.
Марокашлик футболчилар Россия—2018 мундиалининг энг мураккаб гуруҳидан жой олган бўлиб, унда Испания, Португалия ва Эронга қарши кураш олиб бориши керак. Эрве Ренар бошчилик қиладиган марокашлик футболчилар ЖЧ саралашининг ҳал қилувчи ўйинида Африка Миллатлар Кубогининг амалдаги ғолиби бўлган Кот-д’Ивуар термаси устидан ишончли ғалабага эришганди — 2:0.
Африка футболида янги қаҳрамон: Эрве Ренар. Франциялик бу инсон сўнгги 6 йилда нималарга эришди?
Мазкур юрт бош жамоаси сафида Мехди Бенатия, Муборак Буссуфа, Набиль Дирар, Ашраф Ҳакимий, Файкал Фажр, Нордин Амрабат каби машҳур футболчилар тўп суради.Эрон
18 май куни эса Ўзбекистон терма жамоаси Эронда форсларнинг асосий жамоасига қарши саф тортади. Қизиқ томони, Карлуш Кейруш мураббийлигидаги жамоа ҳам Ўзбекистон билан ўйинга ЖЧ—2018 йўлидаги тайёргарлик сифатида қарайди. Ва форслар ҳам ЖЧда Марокаш билан бир гуруҳдан жой олган бўлиб, Испания ҳамда Португалияга қарши кураш олиб боради.Ўзбекистон ва Эрон термалари ЖЧ—2018 саралашида ҳам бир гуруҳдан жой олганди. Ўшанда Самвел Бабаян бошчилик қилган ўзбекистонлик футболчилар рақибдан ҳар икки ўйинда ҳам енгилган: Тошкентда 0:1, Теҳронда 0:2. Форслар айнан Ўзбекистон устидан қозонилган иккинчи ғалабадан кейин Россия мундиали масаласини тўлиқ ҳал қилганди.
Кейруш жамоаси саралашдаги 10 та ўйиннинг 6 тасида зафар қучиб, 4 тасида дуранг ўйнаган. 10 та гол уриб, 2 та гол ўтказган. Эрон термасини мағлуб этиш узоқ вақтдан буён Осиё жамоаларига насиб қилаётгани йўқ. Форслар сўнгги бор ЖЧ—2014 саралашида Миржалол Қосимов бошчилик қилган Ўзбекистон термасидан мағлуб бўлганди. Бунда расмий ўйинлар статистикаси инобатга олинган.
Изоҳ (0)