Ўзбекистоннинг «Санъат» мусиқий гуруҳи таниқли Озарбайжон фильми — «Қайнона»дан олинган қўшиққа ишлаган клипини тақдим этди, деб ёзади Озарбайжоннинг «Day.az» нашри. Юморга бой клип сюжетида комедияли фильм лавҳаларидан ҳам фойдаланилган.
«Озарбайжоннинг ‘Қайнона’ фильми Ўзбекистонда таниқли ва оммабоп, у ўзбек тилига дубляж қилинган ва маҳаллий телевидение орқали тез-тез эфирга узатилади», — дейилади хабарда.
Шунингдек, «Санъат» гуруҳи аввал ҳам Озарбайжон мусиқасидан фойдалангани тилга олинган. Гуруҳ 2015 йил ёзида «Аршин мол олан» опереттасидаги қўшиқ асосида «Денги есть?» клипини чиқарганлиги, хонанда Шаҳзода эса ўз клипида «Қайнона» фильми сюжетидан фойдаланганлиги айтиб ўтилган.