Европа Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичида иштирок этган АПЛнинг 5 та клуби плей-офф босқичига йўлланма олди. Нимчорак финал беллашувларида бир мамлакатнинг шунча клуби иштирок этиши ҳозиргача кузатилмаганди, деб ёзди УЕФА расмий сайти.
Англия жамоалари гуруҳ босқичида даҳшатли иштирок этди. Манчестер шаҳрининг икки жамоасидан ташқари, «Тоттенҳэм» ва «Ливерпуль» клублари ўз гуруҳида пешқадам бўлди. «Шпорлар» мусобақанинг кетма-кет икки карра ғолиби ҳисобланган «Реал» билан бир гуруҳдан жой олган бўлса-да, энг кўп очко жамғаришнинг уддасидан чиқа олди — 16.
«Ливерпуль» футболчилари ҳам «шпорлар» каби мусобақа давомида мағлубият аламини тотиб кўрмади. Юрген Клопп шогирдлари бир эмас 2 та беллашувда 7:0 ҳисобида зафар қучди. Бу жорий мавсумнинг энг йирик ҳисоблари бўлди. Ливерпулликлар аввалига Словения, кейинроқ эса Россия чемпионлари дарвозасига шунча гол урди.
Манчестер шаҳри вакиллари ҳам гуруҳда пешқадам бўлди. Уларнинг гуруҳдан чиқиши аниқ бўлгачгина, мағлубиятлар кузатилди ва бу амалда ҳеч нарсага таъсир кўрсатмади. Фақатгина АПЛнинг амалдаги чемпиони ўз гуруҳида пешқадам бўла олмай, «Рома»ни ўтказиб юборди. Антонио Конте жамоаси шунга қарамай, плей-оффга йўл олди.
Нимчорак финал беллашувларига қуръа ташлаш маросими 11 декабрь — душанба куни бўлиб ўтади. Регламентга кўра, мазкур босқичда бир мамлакатнинг икки жамоаси ўзаро тўқнаш келмайди. Гуруҳларда биринчи бўлган жамоалар ҳам ўзаро дуч келмайди.
Изоҳ (0)