2018 йилнинг 18 августида Индонезияда XVIII Осиё Ўйинлари старт олади ва у 2 сентябрга қадар давом этади. Хўш, бу ўзи қандай мусобақа?
Мезбонлар
Осиё Олимпиадаси илк бор 1951 йил Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида бўлиб ўтганди. Ҳар 4 йилда бир марта ўтказиладиган фестивалга ҳозирча энг кўп марта Таиланд мезбонлик қилди — 4 марта. Тайлар ҳар сафар осиёлик спортчиларни Бангкокда кутиб олди.Жанубий Корея, Хитой, Япония каби мамлакатлар эса Осиё Ўйинларини ўзида қабул қилиш истагини 3 мартадан билдирди (2026 йил мусобақа Нагояда ўтади). Мазкур мамлакатлар ҳар сафар бошқа-бошқа шаҳарларда меҳмонларни қарши олади.
Индонезия пойтахти Жакарта 1962 йилги Осиё Ўйинларига мезбонлик қилганди. Орадан 56 йил ўтиб, мазкур мамлакат иккинчи бор мусобақа мезбони бўлади. Фақат энди Жакартанинг ёнига Палембанг шаҳри ҳам қўшилади. Осиё Олимпиадасининг расман 2 та шаҳарда ўтиши бунгача кузатилмаган ҳол эди.
Рақамлар
Кетма-кет 8 та Осиё Ўйинларида Япония делегацияси умумжамоа ҳисобида барчадан устун бўлаверди. Кейин эса гегемонлик Хитой спортчиларининг қўлига ўтди. Мусобақанинг сўнгги 9 тасида улар билан тенглашишнинг иложи бўлмади.Осиё Ўйинлари дастлаб 6 та спорт тури бўйича ўтганди. Ўшанда Ҳиндистонга қитъанинг 11 та мамлакати ташриф буюрган. 2006 йил Доҳа мезбонлик қилган турнирда эса иштирокчи мамлакатлар сони рекорд даражага чиқди — 45 та. Кейинроқ Гуанжоу—2010, Инчон—2014 ўйинларида ҳам иштирокчи мамлакатлар 45 тани ташкил қилди. Жакарта-Палембанг—2018 га ҳам 45 мамлакат делегацияси ташриф буюриши кутилмоқда.
Спортчилар Индонезияда 40 та спорт тури бўйича беллашади. Маълумки, Халқаро Олимпия Қўмитаси ҳар тўрт йилликнинг энг йирик спорт фестивали бўлган Олимпиада ўйинларига 28 та спорт турини лицензиядан ўтказган. Осиё Ўйинлари таснифида эса спорт турлари Бейдзинг—1990 дан буён 29 тадан кам бўлмаган. 40 сони ким учундир кўп кўриниши мумкин. Бироқ бу рекорд натижа эмас. Гуанжоу—2010 ўйинларида спортчилар 42 та спорт тури бўйича беллашганди.
Медаллар
Медаллар таснифида Хитой делегацияси қўлга киритган олтинлар сони 1342 тага етган. Бу борада улар яққол пешқадам. Японияда эса кўрсаткич 957 тани ташкил қилади. Кучли ўнталикдан Жанубий Корея — 696, Эрон — 159, Қозоғистон — 140, Ҳиндистон — 139, Таиланд — 121, КХДР — 98, Хитой Тайпейи — 82, Филиппин — 63 каби мамлакатлар жой олган.Ўзбекистон делегацияси Осиё Ўйинларидаги иштирокини Хиросима—1994 дан бошлаганди. Ўша турнир Ўзбекистон футболида катта из қолдириб, бош жамоа якунда чемпионликни қўлга киритгани мухлисларимизга яхши маълум.
Ўзбекистонлик спортчилар ҳозирга қадар Осиё Олимпиадасида 63 та олтин медалга эга чиққан. Бу кучли ўнталикни якунлаб турган Филиппин билан тенг кўрсаткичдир. Индонезиядаги мусобақа давомида Ўзбекистон ўз натижасини янада яхшилашга уриниб кўради.
Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси 2013 йилдан бошлаб янги даврга қадам қўйгани натижасида, мамлакат спортчилари Рио—2016 Олимпиадасида ўз тарихидаги энг яхши натижани кўрсатнди. Яъни, умумжамоа ҳисобида 21-ўринни эгаллаган ўзбекистонликлар, Осиё қитъаси мамлакатлари таснифида Хитой, Япония ва Жанубий Кореядан кейин тўртинчи бўлди.
Жакарта-Палембанг—2018
Индонезия 4 та йирик ва 17 мингдан зиёд майда ороллардан иборат мамлакат. Жакарта ва Палембанг мос равишда 2 та йирик оролда жойлашган — Ява ҳамда Суматра. Улар Осиё Ўйинлари учун 4 та йирик спорт объектини тайёрлаш ишлари билан банд. Шуларнинг 3 таси Жакартада жойлашган бўлиб, яна 1 таси Палембангда қад ростламоқда.Ҳар икки шаҳар орасидаги масофа тахминан 620 километрни ташкил қилади. Ноябрнинг сўнгги ўн кунлигида бўлиб ўтган Медиа Форум иштирокчилари спорт объектлари билан танишиш учун Палембангга ҳам борди. Самолёт масофани роппа-роса 1 соатда босиб ўтди.
Палембанг шаҳри соҳил волейболи, каноэ ҳамда академик эшкак эшиш, боулинг, теннис, аёллар футболи, климбинг, ўқ отиш каби спорт турлари вакилларини қабул қилади. Қолган барча спортчилар Жакартада истиқомат қилади.
Мазкур икки шаҳарда фестивалга тайёргарлик қандай кетаётгани, бундаги ютуқ ва камчиликлар ҳақида кейинги мақолада гаплашамиз.
Изоҳ (0)