Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Афғонистон раҳбари Муҳаммад Ашраф Ғани 4 декабрь куни расмий ташриф билан мамлакатга келди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.
Қисқа суҳбатдан сўнг Афғонистон делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди.
Ташрифнинг асосий тадбирлари 5 декабрь куни бўлиб ўтади.
Олий даражадаги учрашувларда Ўзбекистон ва Афғонистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиш, халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган.
Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг қўшма баёноти қабул қилиниши, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, фан, таълим ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, шунингдек, тижорат шартномалари имзоланиши кутилмоқда.
Афғонистон Президенти Ўзбекистонга ташрифи доирасида Бухоро шаҳрини ҳам зиёрат қилади.
Изоҳ (0)