Лондон мэри Содиқ Хон АҚШ президенти Дональд Трамп шаҳарга келишини истамаслигини, келган тақдирда ҳам уни қабул қилиш нияти йўқлигини маълум қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Бир муддат илгари Трамп Британиянинг Britain First миллатчи ташкилоти фаоли Жейда Франзен томонидан эълон қилинган аксилисломий видеоларни ўз саҳифасида ретвит қилган эди.
АҚШ раҳбари ўз саҳифасида чоп этган ҳар уч ёзувда мусулмонларга нисбат берилган роликлар бор. Уларнинг бирида ёш йигит ҳасса таянган ўсмирни калтаклаётгани, яна бирида соқолли кекса инсон Биби Марям ҳайкалини синдираётгани, учинчисида эса ўсмирлар гуруҳи бир эркакка ҳужум қилгани акс этган.
АҚШ ва Британиянинг кўплаб нашрлари президентнинг аксилисломий ретвитларига эътибор қаратди. Кейинчалик Британия жамоатчилиги ва матбуоти АҚШ етакчисини кескин танқид остига олди. Улар қаторига Лондон мэри Содиқ Хон ҳам қўшилди.
«Президент Трамп Twitter’дан мамлакатимизда нафрат уруғини сочиш учунгина мавжуд бўлган жирканч экстремистлар гуруҳини реклама қилишда фойдаланди. Энди Трампнинг Буюк Британияга ҳар қандай расмий ташрифи олқишланмаслиги равшан бўлди», — дейилади Содиқ Хоннинг расмий баёнотида.
Изоҳ (0)