Голландиядаги оддий қишлоқ бир қарашда ҳеч нарсаси билан фарқланмайди. У ерда 150 га яқин одам яшаб, одатий ҳаёт тарзини олиб боради. Аммо у деменция — ақли заифлик касаллигидан азоб чекадиган қариялар учун махсус турдаги шифохонадир, деб ёзади Adme.
Хогевейк деб номланган бу жойда беморлар палаталарга қамаб қўйилмайди, балки оддий одамлар каби ҳаёт кечиради: ресторанларга боради, стол ўйинлари ўйнаш учун қўшнилари билан тўпланишади. Улар ҳатто руҳий касалхонада эканликларини билмайди ҳам.
Мажмуа турар-жойлар, хиёбонлар, боғлар, майдонлар, сартарошхона ва ҳатто кичик театрни ҳам ўз ичига олади.
Уйлар беморнинг хотираси ишлашдан тўхтаган даврга — 50, 70 ва ҳатто 2000 йилларга мувофиқ қилиб қурилган. Бу ерга келганларнинг ҳар бири ўз дидига мувофиқ жойни танлаши мумкин.
Ҳар бир уйда 5—6 бемор бир ёки икки нафар васий билан бирга яшайди. Клиникага асос солган Ивонн ван Амеронген айтишича, беморларга доимий мулоқот ва ташқи олам билан ўзаро муносабат жуда муҳим, бу уларнинг ўзини хотиржамроқ ҳис қилишига, касалликнинг ривожланиб кетмаслигига имкон беради. Тадқиқотлар ёлғизлик чекиш каби хавфли эканлигини, семизликдан эса икки баравар хавфлироқ эканлигини кўрсатган.
Шифохона ҳақиқатан ҳам қишлоқчага жуда ўхшаш, аммо у ерда фақат қариялар яшайди, шунингдек, кассада ҳеч нарса учун пул сўралмайди.
Бу ерда яшаш шунчалик қулайки, ҳеч ким кетишга уринмайди ҳам. Бор-йўғи 1,5 гектар майдонга беморлар учун зарур бўлган нарсаларнинг барчаси сиғади.
Бунга ишониш қийин, аммо қишлоқда яшаш уйга кеча-ю кундуз қаровчи ёллашдан кўра арзонроқ тушади.
Изоҳ (0)