Жанубий Кореянинг яна бир олий таълим муассасаси Тошкент шаҳрида ўз филиалини очади. Тошкент шаҳар ҳокимияти делегациясининг Жанубий Кореяга 16–18 ноябрь кунлари амалга оширган ташрифи доирасида бу борада келишувга эришилди, деб хабар берди «Дарё»га Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати.
Ташриф давомида делегация Yeoju Institute of Technology раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида ушбу институтнинг Тошкент шаҳрида филиалини очиш бўйича келишувга эришилди.
Ушбу институт Йоже шаҳрида жойлашган бўлиб, 31 гектар майдонга эга ва мамлакатдаги энг катта технологик ўнта олий таълим муассасаларидан ҳисобланади. Бугунги кунда таълим олаётган талабаларнинг сони 6 мингдан ошади. Ушбу ўқув даргоҳида халқаро таълим стандартлари асосида электроника, архитектура, қурилиш, дизайн, ер кадастри, муҳандислик ҳамда маркетинг йўналишларида таълим берилади.
Тошкент шаҳар ҳокимияти айни дамда бўшатилаётган коллежлардан бирининг биносини ушбу институт учун ажратишни кўзда тутган. Ўз навбатида, Корея томони яқин кунларда ОТМни ташкил этиш мақсадида ишчи гуруҳини Тошкент шаҳрига юборишга тайёр.
Институтга биринчи қабул жараёни 2018 йилнинг 1 сентябрь кунига мўлжалланган.
Изоҳ (0)