Россия мудофаа вазирлиги олтита Ту-22М3 олис масофали бомбардимончиларининг Суриянинг Абу Камол шаҳридаги ИШИД марраларига зарба бериши акс этган видеони эълон қилди. Видео идоранинг Facebook’даги саҳифасига жойлаштирилди, деб хабар беради «РБК».
Видеода бомбардимончилар парвози кўрсатилган. Кейин эса самолёт люкни очиб, бомбалар ташлаганини кўриш мумкин.
Олтита Ту-22М3 Ироқ ва Эрон устидан учиб ўтиб, Сурияда ИШИД марраларини ўққа тутгани бир муддат олдин хабар қилинган эди.
Мамлакат мудофаа вазирлигига кўра, бомбардимончилар Россия ҳудудида ҳавога кўтарилиб, Ироқ ва Эрон устидан учиб ўтган. Улар таянч нуқталари, тирик куч тўпланган ерлар ва террорчиларнинг зирҳли техникасини нишонга олган.
Объектив назорат воситалари барча снарядлар нишонга етиб борганини кўрсатди. Барча самолётлар учиб чиққан аэропортларига қайтди. Бомбардимончиларни Сурия осмонида Хмеймим аэродромидан чиққан Су-30СМ қирувчилари қўриқлаб турди.
Изоҳ (0)