15 ноябрь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги делегация Германияга ташрифи доирасида Siemens концернининг Мюнхендаги штаб-квартирасида бўлди. Бу ҳақда Uz24 хабар бермоқда.
Ташриф доирасида компания бошқаруви аъзоси Роланд Буш, Siemens’нинг Россия ва Марказий Осиёдаги президенти Дитрих Меллер билан учрашув бўлиб ўтди. Унда энергетик, саноат, транспорт секторлари ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Мюнхендаги тадбир доирасида бир неча соҳалардаги ҳамкорлик бўйича қатор стратегик ҳужжатлар имзоланди. Жумладан, томонлар «Хавфсиз шаҳар» концепцияси реализацияси бўйича ҳамкорлик қилмоқда. Тегишли меморандум Siemens ҳамда Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ўртасида имзоланди.
Бундан ташқари, Siemens «Ўзнефтгазмаш» АЖ билан келишув, «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Миллий энергия тежаш компанияси» АЖ билан Siemens-Gamesa орқали меморандум имзолади.
Яна бир ҳужжат соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Siemens Healthcare компанияси ўртасида имзоланди. Унга кўра, мамлакатда онкология, кардиохирургия, нейрохирургия ва травматология бўйича қўшма клиника очилиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)