Ўзбекистон Олий Лигасининг 29-туридан жой олган учрашувлар 19 ноябрь — якшанба куни бўлиб ўтади. Унинг марказий ўйинида Тошкентнинг «Пахтакор» клуби Қаршида «Насаф» меҳмони бўлади.
«Насаф» — «Пахтакор» ўйини Осиё Чемпионлар Лигасида ўйнайдиган клуб номига ойдинлик киритади. Учрашувда ким зафар қучса, ўша жамоа халқаро майдонга йўл олади. Дуранг натижа кўпроқ «Насаф» фойдасига ишлайди. Бунда «Насаф» 30-турни Наманганда «Навбаҳор»га қарши ўтказиб, 1 очко олса ҳам кифоя бўлади.
ПФЛ сайти 29-тур беллашувларига тайинланган ҳакамлар номига ойдинлик киритди. Унга кўра, мамлакатнинг икки энг яхши ҳаками бўлган Равшан Эрматов ва Валентин Коваленко Қаршига бормаслиги ойдинлашган. Улар «Бунёдкор» ва «Бухоро» клублари ўртасидаги ўйинда ишлайди. Кованленко ва Танташев дарвоза ортига қўйилган бўлса, Эрматовга қанотларда Абдуҳамидилло Расулов ва Жаҳонгир Саидов кўмаклашади.
«Бунёдкор» — «Бухоро» ўйини 6 ҳакам ишлаган Олий Лиганинг илк беллашуви сифатида тарихдан жой олади. Бунгача Ўзбекистон Кубоги ва Биринчи Лигасида 6 талик ҳакамлар варианти амалда қўллаб кўрилганди. Олий Лигадаги бу иш Равшан Эрматовга Осиё Чемпионлар Лигасининг финали олдидан тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. ФИФА рефериси 25 ноябрь куни Чемпионлар Лигасининг финалидан жой олган «Урава Ред» — «Ал-Ҳилол» учрашувини бошқариб бориши керак.
Шу тариқа финалга тенг бўлган «Насаф» — «Пахтакор» ўйини Зокир Қодировга қолди. Аввалроқ «Пахтакор» ва «Бунёдкор» ўртасидаги Тошкент дербисида ҳам кўпчилик Равшан Эрматовни кутган бўлса-да, Эрматов «Нефтчи» — «Қизилқум» ўйинини бошқарганди.
Ўзбекистон Олий Лигаси 29-тур беллашувлари 19 ноябрь, якшанба
«Нефтчи» — «Машъал»«Қизилқум» — «Металлург»«Олмалиқ» — «Навбаҳор»«Сўғдиёна» — «Қўқон-1912»«Бунёдкор» — «Бухоро»«Насаф» — «Пахтакор»«Динамо» — «Локомотив»
4 декабрь куни бўлиб ўтадиган «Бунёдкор» ва «Локомотив» клублари ўртасидаги Ўзбекистон Кубогининг финал учрашувини Амирликлардан ташриф буюрадиган ҳакамлар бригадаси бошқариб боради.
Изоҳ (0)