Ўзбекистон расмийлари зиёрат туризмини фаол ривожлантириш ниятида ва асосан Туркия, Малайзия, Индонезия, Россия, хусусан, Татаристон мусулмонларига мўлжалланган қатор тур маҳсулотларни ишлаб чиқишга улгурди. Бу ҳақда «РБК-Татарстан» маълум қилди, дея хабар беради «Nuz.uz».
Бундай лойиҳалар доирасида диндорларга буюк мусулмон олимлари қабрлари, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш таклиф этилади.
Самарқанд вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Илҳом Сувоновга кўра, давлат раҳбари томонидан мамлакатдаги ҳар бир вилоят икки томонлама алоқаларни ривожлантириш учун Россиянинг бирор минтақасига боғлаб қўйилган. Жумладан, Самарқанд вилояти Татаристон билан алоқалар учун жавоб беради.
«Ҳозирда Туркия, Малайзия ва Индонезия учун зиёрат туризми борасида лойиҳалар ташкиллаяпмиз. Бу йўналиш Татаристон билан ҳам ривожлантирилади, бизда сизлар учун қизиқарли объектлар кўп», — таъкидлади Сувонов.
Ҳозирда Самарқандда юзлаб меҳмонхоналар мавжуд, яқин йиллар ичида уларнинг сони янада ортади. Расмийлар минтақада махсус сайёҳлик зонасини ривожлантириш ва Осиё ҳамда Европа сайёҳлари учун мўлжалланган янги меҳмонхона, ресторанларни қуришни режалаштирмоқда.
Изоҳ (0)